17:17
Ўзбекистондаги доменлар сони 14,1 мингдан ортди.
 Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги "Uzinfocom” маркази ва " infoCOM.UZ” журнали билан ҳамкорликда "UZ домен зонасининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш” мавзуида матбуот анжумани ўтказди.

"Uzinfocom” маркази директори Д.Раҳимов доменлардан фойдаланиш қулай бўлиши учун турли янгиликлар мунтазам жорий этилаётган "UZ” домен зонасининг техник қисми жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, доменлар йўқолишининг олдини олиш учун фойдаланувчиларга СМС ва электрон хабарлар юбориш, СМС орқали "whois” сервиси, домен номлари эгалари учун ўз доменларини ва хабарларни бошқариш учун мўлжалланган "Шахсий кабинет”, cctld.uz сайтининг мобил тури, шунингдек, desk.uz лойиҳаси билан ҳамкорликда "UZ доменлари муддатини назорат қилиш” сервиси каби хизматлар ишга туширилди.

Яқин вақтдан буён рўйхатга олувчиларга "UZ” домени маъмурининг иштирокисиз доменларни мустақил тақдим этиш, яъни доменларнинг уларни янги рўйхатдан ўтказиш орқали трансфери, доменни тўланган давр ичида рўйхатга олиш муддатини ўзгартириш ва домен номларини 1 йилдан 5 йилгача узайтириш имконияти берилди.

Ҳозир "Uzinfocom” маркази томонидан рўйхатга олувчини танлаш орқали доменларни онлайн режимида рўйхатдан ўтказиш учун аризаларни расмийлаштириш режалаштирилмоқда, қўшимча рўйхатга олувчиларни танлаш масаласи кўриб чиқиляпти.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 30 майда қабул қилинган "Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ 2003 йилнинг мартида Интернет номлари ва манзилларини тайинлаш бўйича халқаро ташкилот – ICANN (Internet Corporation for Assigned Names and Numbers) билан имзоланган шартномага биноан миллий доменни бошқариш ҳуқуқи бугунги кунда ҳам "UZ” миллий домени маъмури бўлган "Uzinfocom” марказига берилган.

Соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва доменларни рўйхатга олишда адолатли рақобатни ривожлантириш мақсадида "Uzinfocom” маркази томонидан рўйхатга олувчилар ҳамда маъмурлар вазифалари тақсимланган. Айни пайтда Ўзбекистонда 6 та расмий рўйхатга олувчи ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Булар " Tomas”, "Амалий Алоқалар Бизнеси” (BCC), " Sarkor Telecom”, " Billur som”, " Arsenal-D” компаниялари, шунингдек, Фарғона водийси бўйича рўйхатга олувчи – " Simus” компаниясидир.

Рўйхатга олувчилар сонининг кўпайгани интернет тармоғи миллий сигментида ахборот ресурсларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатди – доменни рўйхатга олиш қиймати сезиларли равишда камайди, дея хабар беради ЎзА.

www.ccтлд.уз сайтида "UZ” домен зонасини турли нуқтаи назардан ривожлантириш ҳолати тўғрисидаги ахборот билан танишиш имконини берадиган кенг кўламли статистик маълумотлар жойлаштирилган. Мазкур статистикага мувофиқ айни пайтда 14,1 мингдан ортиқ домен рўйхатга олинган. Йил бошидан буён ўсиш 700 дан зиёд доменни ташкил қилди. Hi-Tech, маданият, илм-фан, кўнгилочар ўйинлар, спорт, бизнес, давлат бошқарув органлари каби веб-сайтлар йўналишлари мавжуд.

Йиғилишларда рўйхатга олувчилар фаолияти якунлари, "UZ” домен зонасини ривожлантириш бўйича истиқболдаги режалар мунтазам муҳокама этилмоқда. Сервис хизматлари ва янгиликлар ҳақидаги ахборотдан ҳар доим "UZ” домен зонаси маъмурининг www.cctld.uz сайти бўйича фойдаланиш мумкин. Фойдаланувчилар саволлари, истак ва таклифлари билан махсус "UZ доменлари” тармоғидаги uForum.uz форуми орқали мурожаат қилиши мумкин.
Категория: Yangiliklar | Просмотров: 961 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar