23:03
ЎЗБЕКИСТОН – ҚИРҒИЗИСТОН 4:0
 Тошкентдаги марказий "Пахтакор" стадионида ўтган Ўзбекистон - Қирғизистон терма жамоалари ўртасидаги учрашув ниҳоясига етди. Унда вакилларимиз йирик - 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. 

Ўйин тўлиқлигича вакилларимиз устунлигида ўтди. Агар яратилган имкониятлардан етарлича фойдалана олганимизда, учрашув тақдирини биринчи бўлимда-ёқ ҳал қилиб қўйишимиз мумкин эди. 4-дақиқада ҳисобни очиш учун ажойиб имконият юзага келди. Карпенконинг фаоллиги эвазига жарима майдонига етказилган тўпни Гейнрих чиройли усулда дарвозага йўлламоқчи бўлди. Бироқ тўп унинг оёқлари орасидан ўтиб кетди. Рақиблар эса бу ҳужумга зудлик билан жавоб қайтаришга муваффақ бўлишди. Дарвоза сари йўлланган кучли зарбани Несторов амаллаб майдондан чиқариб юборишга эришди. Акс ҳолда, қирғизлар 25 минг мухлис йиғилган стадионни карахт қилиб қўйиши ҳам мумкин эди. Аммо шуниси ҳам эътиборлики, бу рақибнинг дастлабки ва сўнгги хавфли ҳужуми бўлиб қолди.

Шундан сўнг, устунлик бутунлай футболчиларимиз томонига ўтди. Марат Бикмаев Гейнрихни бирга-бир вазиятга чиқариб юбориши мумкин бўлган паллада бироз қизғончиқлик қилди. Унинг зарбаси эса таниқли шарҳловчимиз таъбири билан айтганда, "осмону-фалакка учиб кетди".

Ўйиннинг 12-дақиқасида рақибларимиз томонидан ишлатилган қўполлик туфайли жазоланиши мумкин эджи. Сервернинг 17-18 метрлардан йўллаган ажойиб зарбаси дарвоўа устунига тегиб, майдонга қайтди. Орадан кўп ўтмай, вакилларимизда 100 фоизлик имконият юзага келди. Виталий Денисов ўта фаол ҳаракат қилиб, тўпни Гейнрихга узатди. Ҳужумчимиз эса атиги 4-5 метрлардан бўш қолган (!) дарвозага тўпни тўғри йўллай олмади. Аламидан бориб, дарвоза устунини тепгани эса ҳеч қандай фойда бергани йўқ.

Бироздан сўнг, Карпенко-Гейнрих-Жепаров жуфтлиги гол билан тугаши мумкин эди. Сервернинг айланма зарбаси бу сафар ҳам дарвоза устунига тегиб қайтди.

Ниҳоят, 29-дақиқада ҳисоб очилди. Станислав Андреев томонидан етказиб берилган тўпни Саша йиқилаётиб, чиройли тарзда дарвозага тўғирлаб қўйди. Ҳа, бундай голларни Гейнрихдан бошқаси уриши қийин....

Биринчи бўлим охирларида Бикмаевда бир нечта қулай имкониятлар бўлди, бироқ бугун Марат бу вазиятлардан фойдала олмади. Бўлим охирларида Гейнрихда яна бир ажойиб имконият юзага келди. Карпенконинг ўнг қантдан узатган тўпни дарвозабонининг ўзига йўллади. Такрорий зарбани эса ҳимоячилар бартараф этишга мсуваффақ бўлди. Шундай қилиб, биринчи бўлим вакилларимизнинг кичик ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди.

Иккинчи бўлим эса бутунлай бошқача тарзда бошланди. Уюштирилган дастлабки ҳужум гол билан якунланди. Биринчи бўлимда сира иши юришмаган Марат Бикмаев чап оёқда ўта кучли зарба йўллади. Бу зарба Волковнинг тўғри вўлига борган бўлса-да, у бундай кучли зарба қаршисида ожиз қолди. 2:0!

Шундан сўнг, яна қатор имкониятлар юзага келди. Марат голдан руҳланиб, яна бир кучли зарба йўллади, бироқ унинг зарбаси бироз ноаниқ чиқди. Гейнрихнинг узатиб берган тўпини эса Жепаров дарвозага йўллай олмади. Ниҳоят, 56-дақиқага келиб, жамоамиз сардори ижросидаги сальтони кўришга муваффақ бўлдик. Андреевнинг узатган тўпи бу сафар ҳам омад келтирди. Серверни эса Копедзе аниқ "пас" билан таъминлаган эди.

Учрашувнинг 65-дақиқасида Бокунинг "Нефтчи" клуби ҳужумчиси Баҳодир Насимов Жепаровнинг ўрнига майдонга туширилди ва терма жамоамизнинг ҳужумдаги босими янада кучайди. Бақоев ва Насимов бир қатор имкониятларга эга бўлишди. Бироқ тўртинчи гол ўзини 90-дақиқага қадар куттирди. Гейнрихнинг жаримадан узатган тўпини Бақоев бош билан дарвозага йўллаб, ҳисобни янада йириклаштирди.

Умуман олганда, бугун вакилларимиз рақибга нисбатан бир эмас, бир неча бош устун эканлиги яққол кўзга ташланди. Балки шунинг учундир, футболчиларимиз майдонда жуда бемалол ҳаракат қилишди. Яратилган имкониятларнинг асосий қисми ана шу бамайлихотирлик эвазига кўкка совурилди. Албатта, Қирғизистон тўсиғидан ўтиш биз учун муаммо бўлмаслиги мумкин, бироқ кейинги босқичларда бунақаси кетмайди. Шундай экан, мураббийлар ва ҳужумчилар бу жиҳатга алоҳида эътибор беришларини истаб қоламиз.

ЖЧ-2014. ИККИНЧИ САРАЛАШ БОСҚИЧИ
ЎЗБЕКИСТОН – ҚИРҒИЗИСТОН 4:0
Голлар: Гейнрих 29, Бикмаев 49, Жепаров 56, Бақоев 90+1

ЎЗБЕКИСТОН: Игнатий Нестеров, Шавкат Маллажонов, Азизбек Ҳайдаров, Сервер Жепаров (С) (Баҳодир Насимов), Станислав Андреев, Александр Гейнрих, Марат Бикмаев (Улуғбек Бақоев 57), Темур Кападзе, Виталий Денисов, Ислом Тўхтахўжаев, Виктор Карпенко (Жавлон Иброҳимов).
ҚИРҒИЗИСТОН: Владислав Волков, Даврон Асқаров, Азамат Бойматов (С), Курсанбек Шератов, Азиз Сиддиқов, Анатолий Власичев, Валерий Кичин (Шуҳрат Раҳмонов 59), Мирлан Мурзаев (Владимир Хорошунов 70), Қаюмжон Шарипов, Марат Ажиниязов, Веньямин Шумейко
Огоҳлантириш: Азамат Бойматов 12, Даврон Асқаров 26 Веньямин Шумейко 37 Марат Ажиниязов (65)

Бош ҳакам: Абдуллоҳ ал Балуший (Қатар)
1-ёрдамчи ҳакам: Волид Султон ал-Маннай (Қатар)
2-ёрдамчи ҳакам: Марад Ёсир Аҳмад (Кувайт)
Захира ҳаками: Шабон Али (Кувайт)
Назоратчи: Абдулраҳмон ал-Диловар (Баҳрайн)
Комиссар: Лю Жао (Хитой)
Категория: Sport | Просмотров: 1115 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar