17:48
Вадим Абрамов: «Украина савиямизни аниқлаб оладиган рақиб»
 Бугун ЎФФнинг матбуот залида, Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаларининг бош мураббийи Вадим Абрамов билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

- Аввало тайёргарлик жараёни ҳақида қисқача ахборот берсангиз.
- Миллий терма жамоамиз 30 май куни йиғилади ва 31 май куни Украинага учиб кетади. Олимпия терма жамоаси эса эртага Австрияга парвоз қилади.

- Сиз миллий терма жамоа билан учасизми, ёки олимпия терма жамоаси билан?
- Мен эртага олимпиячилар билан учиб кетаман. 30 май куни Киевга бораман ва терма жамоа футболчилари билан ўша ерда учрашаман. Бу борада муаммо бўлмайди.

- Миллий терма жамоамиз қачон Тошкентда ўйин ўтказади?
- 23 июль куни Қириғизистон терма жамоасига қарши баҳс олиб борамиз. Ўртоқлик учрашувлари ҳақида музокаралар олиб боряпмиз.

- Насимовни жароҳат олганлиги ҳақида айтиб ўтдингиз. Шу ҳақда айтиб батафсил маълумот берсангиз.
- Насимов билан ҳақиқатдан ҳам боғландик. У жароҳатим бор деди, лекин кўп ўтмай ўз жамоасида майдонга тушди. Балки унинг жамоаси билан муаммоси бордир. Менимча, у биринчи бўлиб ўзи учун ҳал қилиб олиши лозим.

- Украина ва Хитой терма жамоасига қарши ўйинда футболчилар чарчаб қолишмайдими, бу ўйин бизга нима беради?
- Украина каби терма жамоаларга қарши ўйинлар орқали биз ўз савиямизни билиб олишимиз мумкин. Хитой ҳам кучли терма жамоалар сирасига киради. Бу икки ўйин ҳам қизиқарли ўтишига шубҳа йўқ. Айнан шундай ўйинлар орқали хато ва камчиликларимизни билиб олишимиз мумкин.

- Афсуски Украина билан ўйинда асосий таркиб билан ўйнай олмаймиз.
- Агар Кореядаги футболчиларимиз чемпионат ўйинини ўтказиб 31 май куни йўлга тушадиган бўлсалар, 11 соатли йўл уларни анча чарчатиб қолади. Украинада мен Бикмаев ва Шацких хизматларидан фойдалана оламан. Агар сиз айтган ўйинчиларни Украинага олиб келганимизда, улар ортга яна олис масофани босиб учардилар ва у ерда ҳам чарчаган ҳолда ўз имкониятлари даражасидан паст ҳаракат қилишлари мумкин бўлади. Менимча биз тўғри қарорга келдик.

- Гонконг терма жамоаси ҳақида қандай ахборотга эгасиз?
- Биз бу жамоа тўсиғидан ўтишга мажбурмиз! Гонког, бу Гонконг! Биз бу терма жамоани хурмат қиламиз, лекин Ўзбекистон бу тўсиқдан ўта олади.

- Темур Жўраев масаласида аниқлик киритиб ўтсангиз...
- Агар Иордания билан ўйинда у бўлмаганида биз мағлубиятга учрашимиз мумкин эди. Австралия билан ўйинда у ҳеч қандай хатоликка йўл қўймади. Фақатгина Осиё ўйинларида баъзи хатолари туфайли мухлислар олдида айбдор бўлиб қолди. У яхши посбон, бизда яхши ўйинчилар шунчалик кўп эмаски, борларини ташлаб қўйсак. Унга рухий томондан ёрдам бериб юборсак бўлди. Мен Жўраевга ишонаман. У ҳали кўп терма жамоага ёрдам беради.

- Олим Навкаров нима учун таркибда йўқ?
- Қизиқ. Олсам нега олдингиз деган савол берилади, олмасам, нега олмадингиз деган. У бугунги кунда тикланиш жараёнини ўтказяпти. Шунинг учун Олимни бу йиғинга жалб этмадик.

- Андреев ва Шадрин масаласида. Андреевнинг бугунги кундаги ҳолати қандай?
- Андреев биз билан Киевга боради. Торрес "Челси" сафида гол урмаяпти, лекин уни ҳеч ким жамоадан четлатмоқчи эмас. Шадрин ҳам гол ура олмаётгани бўлиши мумкин, аммо уни жамоасига фойдаси тегяпти. У истеъдодли футболчи. "Пахтакор" билан ўйинда яхши ҳаракат қилди ва мен унга имкон беришга қарор қилдим. Бу унинг учун катта тажриба мактаби бўлиши мумкин. Балки терма жамоадан кейин унинг клубдаги ишлари янада юришиб кетар.

- Ҳамон иккинчи давранинг тақвими йўқ. Бунда кўпроқ кимнинг айби бор? Терма жамоаними ёки ПФЛни?
- Биз йил бошида ПФЛга ҳамма ҳужжатларни тақдим этганмиз, қачон йиғиламиз, қачон ўйин ўтказамиз. Бу ерда терма жамоалар марказини айби йўқ деб ўйлайман. Яхшиси, саволингизни ПФЛ ҳодимларига берганингиз мақул бўларди.

- Украина билан бўлиб ўтадиган ўйин, 2008 йил бўлиб ўтган баҳснинг давоми?
- Йўқ. Бизда аввалига Хитой варианти бор эди. Украина эса кейинроқ чиқди. Украина бизнинг таклифимизга рад жавобини бермади. Хитой эса ўзи таклиф билан чиқди. Аввалига улар Тошкентга келишмоқчи эди. Лекин бу иш амалга ошмади ва улар бизни Пекинга таклиф қилишди.

- Аргентина билан музокаралар ҳақиқатдан ҳам бўлганмиди?
- Ҳақиқатдан ҳам Аргентина билан музокаралар бўлган эди. Ўйин 20 июнь кунига режалаштирилаётганди, афсуски бу иш амалга ошмай қолди.

- Ўсмирлар терма жамоамизнинг Мексикадаги имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Бу гуруҳдан нолиш яхши бўлмайди. Ҳар томонлама кейинги босқичга чиқиш имкониятига эгамиз.
Категория: Sport | Просмотров: 977 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar