17:31
УНУТИЛАЁТГАН ТИЛЛАРГА ЁРДАМ.
 Мутахассисларнинг таъкидлашича, асримиз охирига бориб ҳозир мавжуд тилларнинг ярми йўқолиб кетиши мумкин.
Айни пайтда инглиз, испан ва хитой тиллари дунё бўйича энг кенг тарқалган тиллар ҳисобланади. Булардан ташқари, яна етти мингга яқин тиллар ҳам бор, лекин тилшунослар айтишича, асримиз охирига бориб уларнинг ярми унутилиб кетади. Бу ҳар икки ҳафтада сайёрамиздаги тиллар биттага камаймоқда дегани. Эндиликда камёб тиллар ҳимоячилари замонавий технологиялардан фаол фойдаланишмоқчи.
Орегон соҳилларида яшавчи Силец қабиласи аъзолари "вақт қадар кўҳна тил”да гаплашишларидан фахрланишади. Лекин мазкур қабила тилини биладиганлар бармоқ билан санарли.
"Олдимизга тилшунослар келишди, бизни, тилимизни ўрганишди. Улар тилимизни "ўлаётган” деб атагани ҳеч эсимдан чиқмаяпти, – дейди она тилини унутмаганлардан бири Бад Лейн.
Лейн қабиласи тилини сақлаб қолиш учун ёрдам кераклигини тушунди ва National Geographic мутахассислари унга 14 мингта сўз ҳамда ибораларини ёзишга кўмаклашишди. Эндиликда бу сўзларнинг таржимаси Интернетда ҳам бор. "Гапирувчи луғат” деб аталган компьютер дастури орқали Силец қабиласи тилини ўрганиш ҳам мумкин. Дастур муаллифи Пенсилваниядаги Свартмор коллежи профессори Девид Харрисондир. У дунёнинг турли нуқталарида йўқолиб бораётган еттита тил учун ҳам "гапирувчи луғат” яратган.
"Буни глобаллашувнинг ижобий тарафи деб аташимиз мумкин, – дейди профессор Харрисон. – Одатда биз фақат глобаллашувнинг кичик маданиятларни ўз домига тортаётгани ҳақида эшитамиз, холос”.
Унинг айтишича, камёб тиллар ҳимоячилари замонавий технологиялардан фойдаланишлари мумкин. iPhone иловалари, YouTube видеолари ва Facebook саҳифалардан ана шундай тилларни асраб қолишда фойдаланса бўлади.
Аммо силец тили ўқитувчиси Бад Лейн технологияларнинг ўзи билангина тилни қутқариб бўлмаслигини таъкидлайди:
– Ўз она тилида сўзлашадиган ва уни бошқаларга ҳам ўргатадиган одамларнинг ўрнини ҳеч нима боса олмайди.
Категория: Qiziqarli | Просмотров: 1019 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar