23:46
Уй қуриш учун кредитни қандай олиш мумкин?
 2012 йилда умумий тураржой майдони 1 миллион 200 минг квадрат метрдан ортиқ 8 минг 510 та якка тартибдаги уй-жой қурилиши режалаштирилган.

Айтиш жоизки, 2011 йилда намунавий лойиҳалар асосида умумий майдони 1 миллион 100 минг квадрат метрга тенг 7 минг 400 хусусий уй-жой қуриб битказилди. Бу мақсад учун 576 миллиард сўмликдан ортиқ инвестициялар йўналтирилди, уларнинг 63 фоиздан зиёдини марказлаштирилган манбалар ва "Қишлоқ қурилиш банк” маблағлари ташкил этади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбири қишлоқ аҳолисини уй-жой билан таъминлаш бўйича яратилган бу янги тизимнинг қулайликлари, "Қишлоқ қурилиш банк” томонидан намунавий лойиҳа асосида якка тартибда уй-жой қуриш учун узоқ муддатли имтиёзли кредит ажратиш тартиб-қоидалари юзасидан "Қишлоқ қурилиш банк” очиқ акциядорлик тижорат банки қишлоқ қурилишини кредитлаш бошқармаси бошлиғи Зулайҳо Жўраева билан суҳбатлашди.

"Бугунги кунда намунавий лойиҳадаги хусусий уй-жойлар "Қишлоққурилишлойиҳа” лойиҳа-қидирув институти томонидан тайёрланиб, Шаҳарсозлик кенгаши томонидан тасдиқланган 3, 4 ва 5 хонали уй-жойлар лойиҳаси асосида амалга оширилмоқда. Мазкур намунавий лойиҳалар асосида барпо этиладиган уй-жойлар "Қишлоқ қурилиш банк”нинг имтиёзли кредит маблағлари ва якка тартибда уй-жой қурувчиларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Фуқаролар таклиф этилаётган учта лойиҳадан ўзларига маъқулини танлайдилар. Шундан сўнг "Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган шўъба инжиниринг компаниясининг тегишли филиали билан "тайёр ҳолда топшириш” шартлари асосида тузилган шартномага мувофиқ қурилиш ишлари комплекс ташкил этилади”, – дейди З.Жўраева.

Унинг сўзларига кўра, "Қишлоқ қурилиш банк” томонидан ўз маблағлари ва Осиё тараққиёт банкининг қарз маблағлари ҳисобидан намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун кредитлар бир йиллик имтиёзли давр билан 15 йил муддатга йиллик 7 фоизли ставка бўйича берилади.

– "Қишлоқ қурилиш банк” бундай кредитни қандай шартлар асосида ажратади?

– Банкимиз томонидан имтиёзли ипотека кредитлари шартнома асосида қуйидаги талабларга жавоб берувчи қарз олувчига (биргаликда қарз олувчиларга) берилади:

– қишлоқ жойларда доимий яшайдиган, ипотека кредити олиш учун мурожаат қилган кунида 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;
– охирги ўн икки ой мобайнида қонун ҳужжатларида тақиқланмаган доимий даромадга эга бўлган ҳамда ипотека кредити бўйича ҳисобланган фоиз ва асосий қарзни тўлаш учун етарли даромад манбаига эга бўлган шахсларга;
– танланган уй-жой смета қийматининг камида 25 фоизи миқдорида бошланғич бадал учун маблағга эга бўлган шахсларга;
– кредит ташкилотларидан кредитлар бўйича тўлов муддати ўтган қарзи бўлмаган шахсларга.

– Кимлар биргаликда қарз олувчи бўлиши мумкин?

– Қарз олувчининг ипотека кредити ва кредит бўйича фоизларнинг ҳар ойдаги тўловларида қатнашадиган, шунингдек, ипотека кредити юзасидан биргаликда жавоб берадиган (эри, хотини) ҳамда унинг яқин қариндошлари (ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, фарзандлари ҳамда бошқа шахслар) биргаликда қарз олувчи бўлиши мумкин.

– Кредит қанча муддатга ва қанча миқдорда берилади?

– Ипотека кредитлари бир йилдан иборат имтиёзли давр билан 15 йилгача муддатга, амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 бараваридан ошмайдиган миқдорда йилига 7 фоиз устама тўлаш шарти билан ажратилади.

Бунда кредит олувчи ипотека кредити бўйича бошланғич бадални тўлаш учун ўз маблағларига эга бўлиши лозим.

– Ипотека кредитини расмийлаштириш тартиби ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.

– Ипотека кредити олиш учун мижоз "Қишлоқ қурилиш банк”нинг ўзи яшайдиган жойдаги туман (шаҳар) филиали ёки минибанкига мурожаат қилиши мумкин ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

– кредит олишга буюртманома;
– қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар) паспортининг нусхаси;
– яшаш жойидан оила таркиби тўғрисидаги маълумотнома;
– қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар)нинг молиявий аҳволини тасдиқловчи ҳужжатлар;
– танланган лойиҳа қийматининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорида пул маблағлари жамғарилганлиги тўғрисида маълумотнома;
– "Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган шўъба инжиниринг компанияси билан буюртмачи вазифасини бажариш учун тузилган дастлабки шартнома.

– Қандай ҳужжатлар қарз олувчининг молиявий аҳволини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади?

– Доимий иш жойига эга бўлганлар учун ходимнинг охирги ўн икки ой мобайнидаги даромадлари тўғрисида қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар) ва оила аъзолари ишлайдиган корхона (муассаса) томонидан белгиланган шаклда берилган маълумотнома ана шундай ҳужжат ҳисобланади.

Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар манбаига эга бўлган фуқаролар эса ўзларининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги ўн икки ой мобайнидаги даромадлар тўғрисидаги декларатсиялар нусхаларини тақдим этадилар.

Деҳқон фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳисобланадиган ёки юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган фуқаролар охирги ўн икки ой мобайнидаги даромадлари тўғрисидаги декларацияларни тақдим этадилар.

– Намунавий лойиҳалар асосида барпо этиладиган уй-жойлар қурилиши қай тартибда молиялаштирилади?

– Қурилишни молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобидан уч босқичда амалга оширилади:

Бошланғич бадал – қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар) номига "Қишлоқ қурилиш банк”да очилган узоқ муддатли жамғариб бориладиган омонат ҳисобрақамига қўйилган пул маблағлари шаклидаги танланган уй-жой қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги пул маблағлари.

Бошланғич бадал маблағлари қарз олувчи ва биргаликдаги қарз олувчиларнинг банклардаги омонат маблағлари, шахсий пластик карточкаларидаги маблағлари ёки унинг иш берувчисининг қарз ёки ҳомийлик маблағлари ҳисобидан шакллантирилиши мумкин. Ушбу маблағлар қарз олувчи номига очилган "Қурилишга сармоя” омонат ҳисобрақамида жамғариб борилади ҳамда қурилиш ишлари бошлангач, маблағ эгасининг аризасига асосан "Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси ҳисобрақамига ўтказилади.

Имтиёзли ипотека кредити – ҳар бир қарз олувчига энг кам иш ҳақининг 1000 бараваригача миқдорда ажратиладиган имтиёзли ипотека кредити маблағлари.

Якуний ҳисоб-китоб маблағлари – уй-жой нархининг бошланғич бадал ва кредит ҳисобидан қопланмаган қисми.

Мазкур маблағлар қурилиш ишлари бошланганидан то якунлангунга қадар мижоз томонидан босқичма-босқич шакллантириб борилиши лозим. Якуний ҳисоб-китоб маблағлари қарз олувчи ва биргаликдаги қарз олувчиларнинг банклардаги омонат маблағлари, шахсий пластик карточкаларидаги маблағлари ёки иш берувчисининг қарз ёки ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ҳам шакллантирилиши мумкин.

– Кредитнинг фоизини ва асосий суммасини тўлаш тартиби қандай?

– Кредитга фоизлар кредит ажратилган санадан бошлаб кунлик ҳисоблаб борилади ва ҳар ойда мижоз томонидан тўлаб борилиши керак, бироқ кредит бўйича асосий қарз суммасини тўлаш бўйича бир йиллик имтиёзли давр белгиланади. Бунда кредит ва унга ҳисобланган фоиз маблағларни қуйидаги манбалардан тўлаш мумкин:

– иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, гонорарлар, дивидендлар, фоизлар ва қимматли қоғозлар бўйича олинадиган бошқа даромадлар ҳисобига нақдсиз шаклдаги пул маблағларини ўтказиш йўли билан;
– қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар)нинг банкдаги омонатлари бўйича ҳисобрақамларидан нақдсиз шаклдаги пул маблағларини ўтказиш йўли билан;
– банк пластик карточкаларидан пул маблағларини нақдсиз тўлаш йўли билан;
– нақдсиз шаклдаги пул маблағларини қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар)нинг иш берувчиси томонидан моддий ёрдам маблағлари ва ипотека кредитини тўлаш учун ажратилган бошқа маблағлар ҳисобидан пул ўтказиш йўли билан;
– фермер хўжаликларининг йил якунига кўра шахсий тасарруфига ўтадиган даромадлари ҳисобидан пул ўтказиш йўли билан, агар у қарз олувчи ёки биргаликда қарз олувчилар деб ҳисобланган тақдирда;
– нақд пул топширган ҳолда;
– қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўланади.

– Кредитни муддатидан олдин қайтариш мумкинми?

– Қарз олувчи ёки биргаликда қарз олувчилар банкдан олинган ипотека кредити бўйича қарздорликни муддатидан олдин қайтариши мумкин бўлиб, улар томонидан кредит маблағлари муддатидан олдин қайтарилганлиги учун қўшимча комиссион тўловлар ундирилмайди.

– "Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган инжиниринг компаниясининг уй-жой қурилишидаги иштироки ҳақида сўзлаб берсангиз.

– "Қишлоқ қурилиш банк”нинг "Қишлоқ қурилиш инвест” ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси якка тартибда уй-жой қурувчи билан "тайёр ҳолда топшириш” шартлари асосида, тасдиқланган намунавий лойиҳа бўйича уй-жой қуриш бўйича ишларнинг бутун комплексини ташкил этади.

Бунда, аввало, уй-жой қуриш истагини билдирган якка тартибдаги уй-жой қурувчи билан инжиниринг компанияси ўртасида уй-жой қуришга буюртмачи функсияси амалга оширилиши учун дастлабки шартнома тузилади.

Якка тартибда қурувчи томонидан дастлабки бадал банкда шакллантирилиб, банк томонидан ипотека кредити берилиши юзасидан қарор қабул қилингандан кейин якка тартибдаги уй-жой қурувчи билан инжиниринг компанияси ўртасида асосий шартнома имзоланади.

Компания барча буюртмаларни қабул қилиб, уларни умумлаштириб пудрат ташкилотлари ўртасида танлов шартларини эълон қилади ва ғолиб деб топилган пудрат ташкилоти билан шартнома тузилади.

– Уй-жой қурилиши жараёни қандай назорат қилинади?

– Мижоз бутун қурилиш даврида қурилиш жараёнига халақит бермаган ҳолда қурилишнинг боришини кузатиб бориш ҳамда зарурат бўлганида намунавий лойиҳа доирасида ёзма шаклда таклифлар киритиш ва инжиниринг компанияси ва пудратчига эътирозлар билдириш ҳуқуқига эгадир.

Бундан ташқари, уй-жой қурилишида лойиҳага амал қилинишини намунавий лойиҳани тайёрлаган ва муаллиф назоратини амалга оширган лойиҳа ташкилоти кузатиб боради.

Якка тартибда уй-жой қурилиши ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишининг назорати бевосита "Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси томонидан бажарилади.

– Якка тартибдаги уй-жой қурувчига ер участкаси қачон ва қандай тартибда ажратилади?

– "Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси ва якка тартибдаги уй-жой қурувчи ўртасида шартнома имзоланганидан сўнг якка тартибда иморат қурувчига ер участкасини ажратиш туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан кимошди савдоси ўтказилмасдан умрбод мерос қилиб қолдириладиган мулк тарзида расмийлаштирилади.

Маҳаллий ҳокимликларга ер ажратиш бўйича мурожаат инжиниринг компанияси филиали томонидан киритилади.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу тартиб шу йилдан бошлаб жорий қилинган бўлиб, аввалги йилларда ер участкаси фуқарога уй-жой қурилиши тугаллангандан сўнг ажратилар эди.

– Кредит қайтарилиши қандай таъминланади?

Кредит таъминоти сифатида якка тартибда қурувчига ажратиладиган ер участкаси келгусида қуриладиган уй-жой билан гаровга қўйилади. Гаровга қўйиш, яъни ипотека шартномаси қурилиш бошлангунга қадар тузилиши лозим.

– Ипотека кредитидан фойдаланувчилар учун қандай имтиёзлар кўзда тутилган?

– "Қишлоқ қурилиш банк”дан якка тартибда уй-жой қуриш учун олинган ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган сумма даромад солиғи тўланишидан озод қилинади, мазкур имтиёз биргаликда қарз олувчига ҳам татбиқ этилади;
– ипотека кредитлари бир йилдан иборат имтиёзли давр билан 15 йилгача муддатга, амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 бараваридан ошмайдиган миқдорда йилига 7 фоиз устама тўлаш шарти билан ажратилади;
– хўжалик субекти – иш берувчидан уй-жой сотиб олиш учун олинган маблағлар даромад солиғи тўлашдан озод қилинади;
– бундан ташқари, хўжалик субъектлари ёш оилалар тоифасига кирувчи ходимларга ипотека кредитлари бадаллари тўлашга ёки уй-жой сотиб олишга текин берилган маблағлари суммаси даромад солиғи ёки ягона солиқ тўловини ҳисоблашда солиққа тортиладиган базани тенг ҳажмда, аммо солиққа тортиладиган базанинг 10 фоизидан ошмаган миқдорда, камайтириши мумкин.

Шунингдек, уй-жой сотиб олинган (мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган) кундан бошлаб беш йил ичида сотилса, жисмоний шахснинг даромадлари белгиланган тартибда солиққа тортилади.


Manba:Olam.uz

Категория: Savol | Просмотров: 3897 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 1
avatar
0
1 abrorxon_5554 • 23:19, 2017-Oktabr-28
Salom meni ismim abror men kridet olib uy qurmoqchiman imkoniyatlari va qanday dakumentlar kerak buladi yordam bera olasizmi
avatar