01:58
Олимпия терма жамоамиз Ироққа мағлуб бўлди.
 Қатар пойтахти Дохадаги "Ал Араби” стадионида Ироқ ҳамда Ўзбекистон олимпиячилари ўртасидаги ўйин якунланди.
Ўйиннинг дастлабки дақиқалариданоқ Ўзбекистон олимпия терма жамоаси устунликни қўлга олишга интилди. Рақиб дарвозаси сари бир неча бор узоқдан зарба бериб кўришди. Учрашувнинг 10 дақиқаси ортда қолгач, энди номинал мезбонлар майдон марказидаги устунликка эришишга уриниб кўришди.
17-дақиқада Олег Зотеегда ҳисобни очиш учун яхши имконият юзага келганди. Бироқ жарима майдони ичида ёлғиз қолган Олег тўпни ўзига ўнглаб олгунча рақиб ҳимоячилари хавфни бартараф этишди. Орадан бир дақиқа ўтгач жамоа сардори Шерзод Каримов узоқ масофадан зарба йўллади, тўп бир оз ноаниқ кўриниш олди.
20-дақиқада Иван Нагаев рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди. Аммо ҳакамлар ҳужумчи тўпни қабул қилиб олаётган вақтида ўйиндан ташқари ҳолатда бўлган деб топишди ва голни инобатга олишмади. 23-дақиқада Нагаев 25 метрлардан дарвозаси сари йўллаган чиройли зарбасини ироқликлар посбони қийинчилик билан майдон ташқарисига чиқариб юборди. Амалга оширилган бурчак тўпидан кейин эса вакилларимиз ҳисобда олдинга ўтиб олишди. Бурчак тўпи жарима майдони ичига етказиб берилгач, Фозил Мусаев унга зарба беришга уринди, бироқ тўпни рақиб ҳимоячилари эгаллаб олишди. Улар тўпни жарима майдонидан узоқлаштиришга нўноқлик қилишди, Мусаев эса тўп учун курашда давом этди ва тўпни рақиб дарвозасига жойлаб қўйди – 0:1.
Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда ҳисоб тенглашди. Бобур Омонов жарима майдонига кириб келаётган рақибини йиқитди. Ҳакам ҳеч иккиланмай 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Уни Муҳаммад Саад Абдуллох голга айлантирди – 1:1. Бу гол вакилларимизнинг Олимпиада-2012 саралаш баҳсларидаги биринчи ўтказиб юборган голларига айланди. Голдан кейин жамоалар танаффусга чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимда жамоалар ҳисобни ўзгартириш учун бир неча ҳужумлар уюштиришди, лекин улар ҳа деганда ўз самарасини бермади. 87-дақиқада эса Ироқ футболчилари ҳисобни 2:1га етказишди. Рақибларимиз ҳужум уюштирган вақтда Санжар Қувватов тўпни қайтариш учун олдинга чиқиб келди ва тўпни боши билан қайтариб юборди. Тўпни эгаллаб олган Мустафо Аҳмад эса дарвозабоннинг устидан ошириб тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди – 2:1. Тўхтахўжаев бу тўпни қайтаришга уриниб кўрди, лекин унинг уриниши ҳам бесамар кетди. Учрашув шу 2:1 ҳисобида якунланди ва вакилларимиз саралаш босқичидаги илк мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди.

Олимпиада-2012 саралаш босқичи. В гуруҳи. 5-тур.

ИРОҚ – ЎЗБЕКИСТОН – 2:1 (1:1)
Голлар: 0:1 – Фозил Мусаев (23). 1:1 – Муҳаммад Саад Абдуллох (45+3, пенальти). 2:1 - Мустафо Аҳмад (88).

Ўзбекистон: Санжар Қувватов, Ислом Тўхтахўжаев, Бобур Омонов, Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров, Салим Мустафоев, Фозил Мусаев, Ойбек Қиличев, Шерзод Каримов, Олег Зотеев, Иван Нагаев, Кенжа Тўраев.

Захирадагилар: Элдор Суюнов, Бобур Йўлдошев, Жавлон Иброҳимов, Зоҳир Пиримов, Дилшод Раҳматуллаев, Николай Гурьянов, Тимурхўжа Абдуҳолиқов




Категория: Sport | Просмотров: 1030 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar