11:24
“НАСАФ” ОФК кубоги 2011 соҳиби !!!
 ОФК кубоги финалида "Насаф” – "Қувайт СК” жамоалари ўзаро тўқнаш келишди. Дастлабки дақиқаларда ҳар икки жамоа эҳтиёткорлик билан ўйинга киришди. Мезбон бўлгани учун «Насаф» биринчи жамоа ролини бажаришга интилди, лекин меҳмонлар ҳам тўпни эгаллади дегунларича ҳужумга ташланишди. Илк дақиқадаёқ Фане узоқ масофадан ноаниқ зарба йўллади. Бир оздан кейин бразилиялик Рожерионинг тезкор ҳаракатларини вакилларимиз қийинчилик билан қайтариб қолишди. Қаршиликлар эса кўпроқ узоқ масофаларга тўпни етказиб беришга эътибор қаратишди. 11-дақиқада Бойдуллаевда зарба бериш учун қулай имконият юзага келди, бироқ Эркин зарбани кўнгилдагидек бера олмади. Кейинги ўн дақиқаликда эса устунлик мезбонлар тарафига ўтди. 16-дақиқада Геворкян ошириб берган тўпдан сўнг Бошкович тўпни 7-8 метрдан дарвозага йўллади ва тўпни Фадҳли қайтаришга тайёр эмасди. Афсуски, тўсинга тегиб майдонга қайтган тўпга биринчи бўлиб меҳмонлар вакиллари етиб келишди. Шундан кейин яна 2-3 дақиқа давомида «Насаф»нинг устунлиги сезилиб турди. 20-дақиқалардан сўнг кураш тенг кўриниш олди. Меҳмонлар асосан Рожерио ва Кабининг фаоллиги эвазига кескин ҳужумлар уюштиришга интилишди. Демьяненко шогирдлари фақат 30-дақиқада навбатдаги хавфли вазиятни содир этишди. 25 метрлардан белгиланган жарима зарбасини Тўраев ажойиб тарзда амалга оширди ва Холид Фадҳли юқори бурчакка кириб кетаётган тўпни чиройли сакраш билан майдон ташқарисига чиқариб юбориб, жамоасини муқаррар голдан қутқариб қолди. Орадан олти дақиқа ўтиб, жарима майдонига Переплёткинс томонидан қулай тарзда оширилган тўпга ҳамюртларимиздан ҳеч ким етиб келмади. Тайм охирларида «Насаф»нинг яққол устунлиги кузатилди, аммо бу Фадҳлини мушкул аҳволга солиб қўядиган вазиятлар билан якун топмади. Сўнгги дақиқада Рожерионинг техник маҳоратини намойиш қилгани ва Бошковичнинг бош билан ноаниқ зарба йўллагани ёдда қолди. Шундай қилиб, жамоалар танаффусга голсиз дуранг билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимни жамоалар ўзгаришларсиз бошлашди. Одатда учрашув суръати ҳар икки мураббийни қониқтирган пайтда шундай ҳолатга гувоҳ бўламиз. Чунки иккинчи таймнинг ўзида барча нарса ўзгариб кетиши мумкин. «Насаф»дан эса ҳимояда янада ҳушёр ўйин кўрсатиш талаб этиларди. Чунки меҳмонлар ҳужумга уч нафар футболчи билан ўтишни бошлашганди. Бундай паллаларда қарши ҳужум катта хавф туғдиради. Биринчи кескин ҳолат 55-дақиқада юзага келди. Бошковичнинг зарбсини меҳмонлар ҳимоячилари майдон ташқарисига чиқариб юборишди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан энди Шомуродов қулай имкониятдан фойдалана олмади. Бош билан берилган зарба ноаниқ чиқди. 60-дақиқаданинг ўзида «Насаф» икки бор хавфли зарбалар берди. Ҳар икки ҳолатда Шомуродовнинг зарбасидан кейин меҳмонлар тўпни зўр-базўр бурчакка чиқариб юборишди. Айниқса, иккинчи вазиятда Фадҳли ажойиб реакция кўрсатди. Ниҳоят, 62-дақиқада Илҳом гол уришга эришди. У Геворкян томонидан оширилган тўпни деярли бўш қолган дарвозага йўлади 1:0. Голдан сўнг «Насаф» катта шиддат билан олдинга ташланди. Орадан икки дақиқа ўтмасдан яна Геворкяннинг пасидан кейин Переплёткинс тўпни товони билан Фадҳлининг ёнидан ўтказиб дарвозага киритди 2:0! Бу гол стадионни янада ларзага келтирди.
Вакилларимиз кетма-кет ҳужум уюштиришда давом этишди, лекин икки бор меҳмонлар посбони маҳоратини намойиш қилди. «Ал Қувайт»нинг уриниши эса гол билан тугади. Жарима майдонида ҳимоячилар қуршовида турган бўлишига қарамай, ивуарлик ҳужумчи Каби зарба берди ва тўп дарвозадан ўрин олди 2:1. Шу тариқа ўйинга яна кескинлик қайтди. 74-дақиқада Бошкович Фадҳли билан яккама-якка чиқиб борди, лекин уни алдай олмади. 77-дақиқада эса Иван ўйин тақдирини ҳал қилиш имкониятини кўкка совурди. У бўш қолган дарвозага 5-6 метрдан ноаниқ зарба берди. Охирги ўн дақиқада меҳмонлар бор кучлари билан ҳужумга ташланишди. «Насаф» футболчилари очиқчасига ўйинни чўзишгани учун икки бор ҳакам томонидан огоҳлантирилишди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эса стадионга икки мухлис тушиб кетди. Албатта, бундай салбий ҳолатни ОФК мутасаддилари эътиборсиз қолдирмаслиги аниқ. Мухлислардан ҳар қандай ҳолатда ҳам маданиятли бўлишларини сўраб қолардик.
Шундай қилиб, «Ал Қувайт» ҳамлаларини бартараф қилган қаршиликлар ОФК Кубоги соҳибларига айланишди. Ушбу мусобақада араб жамоалари тарафидан давом этган гегемонликка якун ясалди. Биз эса «Насаф»ни ушбу муваффақият билан табриклаймиз.
Ўйин тугагач "Насаф” клубига ОФК кубогининг фейр плей соврини топширилди уни жамоа сардори Ботир Қораев қабул қилиб олди, Иван Бошковичга эса мусобақа тўпурари соврини топширилди. Сўнгра Артур Геворкян энг яхши футболчи номини қўлга киритди. 
"Қувайт СК” футболчиларига кумуш медаллар ва "Насаф” ўйинчиларига олтин медаллар топширилди. Ана шулардан сўнг ОФК президенти вазифасини бажарувчи Жанг Жилонг кубокни Ботир Қораевга топширди.
«НАСАФ» - «АЛ ҚУВАЙТ» - 2:1 (0:0)
29 октябрь. Қарши. Қарши Марказий стадиони. 15753 томошабин.
Ҳакамлар: Ким Дон Жин, Жеон Хайи Сан, Ли Жун Мин (Жанубий Корея).
Учрашув комиссари: Абдул Ғафур Ҳамид (Мальдив орллари).
«Насаф»: Зуҳуров, Қораев, Малишич, Каримов, Жиямуродов, Л.Тўраев, Бойдуллаев, Переплёткинс, Геворкян, Шомуродов (Мусаев, 84), Бошкович (Филипосян, 90+4).
«Ал Қувайт»: Холид Фадҳли, Ёқуб Тоҳир, Фаҳад Авад, Рафат Жобир, Ҳусайн Шаммари (Али Алкандари, 81), Лассана Фане, Рожерио, Аҳмад Сабоҳ (Абдуллоҳ Бураики, 61), Носир Ал Қаҳтони, Холид Шаммари, Ландри Каби.
Голлар: Шомуродов, 62 1:0. Переплёткинс, 64 2:0. Каби, 69 2:1.
Огоҳлантиришлар: Каби, 26. Аҳмад Сабоҳ, 35. Ҳусайн Шаммари, 49. Зуҳуров, 88. Малишич, 89.
Категория: Sport | Просмотров: 1133 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar