14:26
Муҳаммад Алининг қўлқопи сотилди.
Муҳаммад Али оғир вазн тоифасида фаолиятидаги илк жаҳон чемпионлиги совринини қўлга киритганида фойдаланган қўлқоплар 22 февраль куни бўлиб ўтган кимошди савдоларида 836,5 минг долларга сотилди. Бу ҳақда савдоларни ташкил этган Американинг Heritage Auctions аукцион уйи сайти хабар бермоқда.

Савдолар бошланишидан олдин Алининг қўлқопидан ярим миллиондан кўп пул ишланишига умид қилинмаётган эди. Қўлқоп учун 11 нафар харидор кураш олиб борган. Қўл кийимининг янги эгаси номи ошкор қилинмаяпти.

Али оғир вазн тоифасида фаолиятидаги илк жаҳон чемпионлигини 1964 йили Флорида штатининг Майами шаҳрида бўлиб ўтган жангда қўлга киритган. Ўша вақтда ҳали Кассиус Клей номи билан мусобақаларда иштирок этган Али Сонни Листонга қарши рингга чиққан. Кўплаб экспертлар ушбу тўқнашувда Листон имкониятини юқори баҳолашган, бироқ еттинчи раунддан сўнг Алининг рақиби ўз бурчагидан чиқишдан бош тортган ва мағлуб дея тан олинган. 1965 йили реванш жанги ўтказилган ва бу сафар ҳам Али ғалаба қозонган.

Тарихдаги энг машҳур боксчилардан бири ҳисобланган Муҳаммад Али 1964 йилдан 1966 йилга қадар, сўнг 1974 йилдан 1978 йилга қадар оғир вазнда мутлақ чемпион мақоми эгаси бўлган. 1960 йили у, шунингдек, 81 килограммгача вазнда Олимпиада чемпиони унвонини ҳам қўлга киритган.
Категория: Qiziqarli | Просмотров: 845 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar