21:15
ИНТЕРНЕТ ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРИ 2 МИЛЛИАРДДАН ОШДИ.
 The Royal Pingdom тадқиқот марказининг маълум қилишича, 2011 йилда интернетдан фойдаланувчилар сони дунё бўйича 2,1 миллиардга етди. Уларнинг деярли ярми Осиё мамлакатлари аҳолисидир.
Таҳлилчиларнинг аниқлашича, интернет фойдаланувчиларининг 44 фоизи Осиёда, 23 фоизи эса Европада истиқомат қилади. Ўтган йили Шимолий Америкада бу борадаги кўрсаткич 13 фоизни, Африкада 6, Яқин Шарқда 3, Австралияда 1 фоизни ташкил этди. Айтиш керакки, фойдаланувчиларнинг деярли ярми 25 ёшдан кичиклардир.
Мамлакатлар миқёсида олинадиган бўлса, энг кўп фойдалувчилар Хитойга тўғри келади. Бу ерда 485 миллион киши глобал тармоқдан фойдаланади, аммо интернет мамлакатнинг атиги 36 фоизини қамраб олган, холос.
2011 йил охирига келиб веб-сайтлар сони 555 миллиондан ортди, шундан 300 миллионга яқини ўтган йили пайдо бўлган.
Электрон почта аккаунтлари сони эса 3,15 миллиардга етди, бу умумий фойдаланувчилар сонидан 1,5 фоизга кўпроқдир. Бирор компанияда ишловчи ходимнинг кунига қабул қиладиган ва жўнатадиган электрон мактублари сони ўртача 112 тани ташкил этади. Электрон почта умумий тарифининг 70 фоиздан ортиғи спамлар ҳиссасига тўғри келади.
Ижтимоий тармоқлар орасида Facebook етакчи бўлди, унда 800 миллионта аккаунт бор, шундан 200 миллиони ўтган йили очилган. Иккинчиликни эса 225 миллион аккаунт билан Twitter эгаллади.
Энг оммавий интернет-браузер Internel Explorer (39%) бўлиб қолмоқда. Кейинги ўринларда Google Chrome (28%) ва Mozilla Firefox (15%) бор.
Эслатиб ўтамиз, The Royal Pindgom тўрт йилдан бери интернетнинг ривожланишига оид йиллик ҳисоботни эълон қилиб келяпти.
Категория: Qiziqarli | Просмотров: 992 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar