10:32
«Бунёдкор»га вақтинча Александр Волков мураббийлик қилади.

Миржалол Қосимов асосий эътиборини Ўзбекистон миллий терма жамоасига қаратишини маълум қилганидан сўнг, «Бунёдкор»нинг бўш қолган бош мураббийи ўрнини вақтинча Александр Волков эгаллаб туради. Бу ҳақда Миржалол Қосимов Championat.asia интернет-нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Қосимовнинг сўзларига кўра, «Бунёдкор»нинг айнан ким бош мураббий этиб тайинланиши борасида унда аниқ маълумот йўқ. Унинг айтишича, бу масалани «Бунёдкор» раҳбарияти ҳал қилади.

«Унгача Александр Волков вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажариб туради. Қолаверса, ёрдамчиларим – Ҳикмат Эргашев ва Мурод Отажонов ҳам унга яқиндан ёрдам беришади», – дейди Қосимов.

«Бунёдкор» расмий сайти маълумотларига кўра, Волков бунгача мураббийлар штабида мураббий сифатида ишлаб келаётган эди. Бундан ташқари, штабда маслаҳатчи мураббий Юрий Саркисян, катта мураббий Ҳикмат Эргашев, мураббий Мурод Отажонов ва дарвозабонлар мураббийи Абдусаттор Раҳимов ҳам бор.

Александр Волков футболчилик фаолияти давомида «Торпедо» (Москва), «Пахтакор», «Металлург» (Запорожье, Украина), «Трактор», «Нурафшон», «Кимёгар», «Наврўз», «Зайтингбурноспор» (Туркия), «Қизилқум» жамоаларида тўп сурган. Мураббийлик фаолиятини «Андижон»да бошлаб, 2005 йили «Шахриҳон», 2007 йили эса «Тўпаланг»да бош мураббийлик қилган, 2006 йили «Машъал»да мураббий сифатида ишлаган. 2007 йил иккинчи даврасидан «Бунёдкор»да ёрдамчи мураббий.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов «Бунёдкор» футбол клубидаги фаолиятини тўхтатгани 4 апрель, жума куни маълум бўлди. Бош мураббийнинг сўзларига кўра, у энди бор эътиборини Ўзбекистон миллий терма жамоасигақаратади. Маълумот учун, миллий терма 2015 йил январь ойида Австралияда ўтказиладиган Осиё Кубоги баҳсларида иштирок этади.

Категория: Sport | Просмотров: 1065 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar