14:28
Aпрель ойининг энг яхши футболчиси ва мураббийи.
 Ўзбекистон футбол федерацияси оммавий ахборот воситалари овозига кўра Одил Аҳмедов иккинчи бор ойнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Россиянинг "Анжи" клуби шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ўтган ой ҳисобидан Премьер-лигада 7 та ўйинда асосий таркибда майдонга тушиб, барчасида тўлиқ иштирок этди. Қўшимчасига 2 та ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди.

Қуйида Аҳмедов ва унинг жамоаси қайд этган натижалар билан танишинг: "Рубин" (0:1), "ЦСКА" (0:0), "Динамо" (0:1), "Спартак" (3:0), "Локомотив" (3:1), "Кубань" (2:2) ва "Рубин" (3:1).

Сўровномада Аҳмедовдан ташқари яна 8 нафар футболчи иштирок этган бўлиб, шулардан Ойбек Қиличев, Азиз Ашуров ва Иракли Климиашвли каби номлар 1 мартадан 3-ўринда кўрсатиб ўтилган. Қолган беш нафар футболчи – Анвар Солиев, Темурхўжа Абдуҳолиқов, Иван Нагаев, Лутфулла Тўраев ва Максим Шацких иккинчи ўрин учун курашиб кўришди.

Мос равишда "Бунёдкор" ва "Пахтакор" ҳужумчилари 2-3 ўринларни бўлашиб олишди. Қизиқ томони, Одил Аҳмедов энг яқин таъқибчиси Анвар Солиевни оз эмас, кўп эмас 11 очкога ортда қолдирди.

 Апрель ойининг энг яхши мураббийи сифатида эса ОАВ версияси бўйича Миржалол Қосимов эътироф этилди.

Апрель ойи ҳисобидан Олий лигада 4та ўйин ўтказиб, шунча очко йўқотган Миржалол Қосимов ОАВ овозига кўра қолган касбдошларидан кўпроқ овоз тўплади. 8та ОАВдан 6таси Миржалол Қосимовни қўллаб-қувватлаган. Шулардан 3таси мутахассисни 1-ўринда кўрсатиб ўтган. Натижада Миржалол Қосимов энг яқин таъқибчиси Деян Журжевични бор йўғи 1 очкога ортда қолдирди.

Қайд этиш керак, Миржалол Қосимов шогирдлари апрель ойида Олий лигада "Шўртан" (3:0), "Навбаҳор" (1:2), "Локомотив" (1:1) ва "Металлург" (3:1) клубларига қарши ўйинларда иштирок этишди. Шунингдек "Бунёдкор" Осиё чемпионлар лигасининг апрель ойига тайин қилинган 2та ўйинда иштирок этиб, 1та ғалаба ва 1та мағлубият қайд этди. Осакада "Гамба"дан 1:3 ҳисобида енгилган "қалдирғочлар", "Жар" стадионидаги жавоб ўйинида 3:2 ҳисобида зафар қучиб, 2-ўринга кўтарилиб олишди. Миржалол Қосимов Япония клубини маҳф этган илк ўзбекистонлик мутахассис сифатида тарихга кирди, деб ёзади ЎФФ.


Категория: Sport | Просмотров: 1071 | Добавил: Alijon | Рейтинг: 5.0/1
Всего комментариев: 0
avatar